Қутлибека Раҳимбоева — таниқли ўзбек шоираси, ёзувчиси, журналист ва таржимон. У 1952 йил 9 февралда Туркманистон Республикасининг Тошовуз вилоятида таваллуд топган. 1974 йилда Фарғона давлат педагогика институтини тамомлаган. Адибанинг пойтахтдаги фаолияти 1978 йилдан ЎзР ФА Тил ва адабиёт институтида лаборантликдан бошланиб, сўнгра Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррирлик билан давом этди. 1983 йилдан бошлаб узоқ йиллар давомида «Саодат» журналида турли масъул лавозимларда фаолият юритиб, ўзбек аёллар матбуоти ва адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшиб келмоқда. Қутлибека Раҳимбоеванинг ижодий йўли 1980-йилларда бошланган бўлиб, у «Юрагимда кўрганларим» (1980), «Узун кундузлар» (1981), «Уйғониш фасли» (1989), «Озодлик» (1991), «Кўксимдаги Тангритоғ« (1996), «Шам кўтарган аёл» (2009), «Қора кўзларим» (2013) ҳамда «Муҳаббат, сен чиройлисан» (2017) каби кўплаб шеърий ва насрий тўпламлар муаллифидир. Адиба ижодида халқпарварлик, она ватанга бўлган чексиз муҳаббат ва садоқат мавзулари етакчилик қилади. У ўз асарларида халқнинг ўтмиши ва бугуни билан фахрланиш туйғусини маҳорат билан акс эттиради. Ижодкор нафақат шоира ва адиба, балки ўткир қаламли публитсист сифатида ҳам танилган. Унинг «Султон суягини хор этмас», «Ҳамма биладиган сир», «Тил учидаги сўз» каби мақолалари жамиятда кенг баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Шунингдек, унинг «Қишнинг охирлари» достонида «ўзбеклар иши» деб номланган қатоғон йилларининг аянчли фожиалари ҳаққоний ёритилган. Қутлибека Раҳимбоева таржимон сифатида Марина Светаева ва Леся Украинка каби жаҳон адабиёти намояндаларининг дурдона асарларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган. Қутлибека Раҳимбоеванинг адабиёт ва маданият соҳасидаги кўп йиллик фидокорона меҳнатлари давлатимиз томонидан юксак баҳоланган. У 1994 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони ва 1999 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.