img

Пауло Коэльо

Бугунги кунда дунёда энг кўп ўқиладиган ва асарлари энг кўп тилга таржима қилинган тирик ёзувчи ким десангиз, шубҳасиз, бу — Пауло Коэльодир. 1947 йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида туғилган бу инсоннинг ёзувчиликка қадар босиб ўтган йўли худди саргузашт фильмларига ўхшайди. Ёшлигида ота-онаси унинг ёзувчи бўлиш истагини тушунишмайди ва уни руҳий касал деб ўйлаб, уч марта руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштиришади. У ердан қочиб кетган, кейинчалик хиппи бўлиб дунё кезган, рок-мусиқачилар учун қўшиқлар ёзган ва ҳатто қамоққа ҳам тушган Пауло ҳаётнинг барча аччиқ-чучугини тотиб кўрди. Унинг ҳаётини 1987 йилда Испаниядаги «Сантяго йўли» бўйлаб қилган зиёрати бутунлай ўзгартириб юборди. Шундан сўнг у ўзининг шоҳ асари — «Алкимёгар» (O Alquimista) романини ёзди. Асар дастлаб жуда кам нусхада сотилган бўлса-да, кейинчалик «портлаш» эффекти билан бутун дунёга тарқалди. Оддий чўпон йигит Сантягонинг ўз хазинасини излаб Мисрга сафари ҳақидаги ушбу ривоят миллионлаб инсонларга «Шахсий Афсона»сини (ўз тақдир йўлини) топишга туртки берди. Бу китоб муаллиф тириклигидаёқ энг кўп тилга таржима қилинган асар сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. Коэльонинг «Вероника ўлишга қарор қилди», «Ўн бир дақиқа», «Заҳир» каби асарлари ҳам китобхонлар томонидан севиб ўқилади. Унинг услуби жуда содда, аммо замирида чуқур фалсафа ётади. Танқидчилар уни «жуда оддий ёзади» деб айблашса-да, оддий халқ уни донишманд деб билади. Бугунги кунда Швейцарияда истиқомат қилувчи ёзувчи ижтимоий тармоқларда ҳам фаол бўлиб, ўзининг фалсафий фикрлари билан инсонларга умид бағишлашда давом этмоқда.

Муаллифнинг китоблари

Барчасини кўриш